Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликларни сотиш тақиқланади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари «Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликлар савдосини тақиқлаш назарда тутилган тузатиш киритишни таклиф қилмоқдалар.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида жойлаштирилган қонун лойиҳасига кўра, энергетик ичимликлар рекламаси, бундай ичимликларни белгиланган миқдордан ортиқ даражада истеъмол қилиш зарарли экани, шунингдек, уни кимлар истеъмол қилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги огоҳлантириш билан бирга амалга оширилиши керак. Ушбу огоҳлантиришга энергетик ичимликлар барча реклама майдонининг камида 10 фоизи ва электрон шаклдаги рекламада реклама ролиги эфир вақтининг камида 5 сонияси ажратилиши керак.

Шунингдек, энергетик ичимликлар рекламаси ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги, ижтимоий ва спорт муваффақиятларига эришиш ёки истеъмолчиларнинг жисмоний ва ақлий ҳолатини яхшилаш учун бунинг муҳимлиги ҳақида таассурот қолдирмаслиги керак.

Кўрсатилган талабларни бузганлик учун фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 5 дан 10 бараваригача, амалдор шахслар учун эса – 7 дан 15 бараваригача бўлган миқдорда маъмурий жарима қўллаш таклиф этилган.

Қуйидагиларни тақиқлаш назарда тутилмоқда:

энергетик ичимликларнинг электрон шаклдаги рекламасини эрталабки соат 7 дан кечки соат 22 га қадар;

энергетик ичимликлар намуналарини 18 ёшга тўлмаган шахслар ўртасида реклама мақсадларида бепул тарқатиш;

асосан 18 ёшга тўлмаган шахсларга мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, бунда энергетик ичимлик номи, товар белгиси ва тасвирини қўлланган ёки қўлланмаганига эътибор берилади;

18 ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликлар номи, товар белгиси қўлланган маҳсулотларни (футболкалар, бош кийимлари, ўйинлар ва ҳоказо) тарқатиш, шу жумладан сотиш;

асосан болалар ва ўсмирларга мўлжалланган босма нашрларда энергетик ичимликлар рекламаси;

энергетик ичимликларнинг босма нашрларнинг биринчи ва охирги саҳифалари, шунингдек ушбу нашрларнинг телерадиодастурлар жадвали эълон қилинадиган саҳифаларидаги рекламаси;

энергетик ичимликларнинг тиббий, спорт, мактабгача, таълим муассасаларида, умумий фойдаланишдаги йўловчи транспорти воситалари салонларидаги рекламаси.

Шунингдек, муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 164-моддаси махсус қисм билан тўлдирилиб, унга кўра энергетик ичимликларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тайёрланиб, кенг муҳокама қўйилган бу қонун лойиҳаси ва ниҳоят кўплаб фуқаролар томонидан эътирозларга сабаб бўлиб келаётган болаларни энергетик ичимликлардан ҳимоялаш масаласини тартибга солиш бўйича қонуний ечим топишда ёрдам беришига умид қиламиз.​

SHARE