Ўзбекистонда келгуси йилдан тест синовлари 15 кун давомида ўтказилади

2018/2019 ўқув йилида тест жараёни 15 кун давомида ўтказилади ва унинг жавоблари имтиҳон якунланган кундан кейинги кунда чиқади. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалига Давлат тест маркази директори Мажид Каримов интервью берган.

«Тест синовлари шаффоф ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш мақсадида ушбу тизимни такомиллаштириш ҳамда абитуриентлар, ота-оналарга енгилликлар туғдириш мақсадида мавжуд тизимни ислоҳ қилиш талаб этилди. Бу бўйича ҳозирда катта ишлар олиб бориляпти. Яъни, янги 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, тест жараёнини бир кунда эмас, 15 кун давомида ўтказиш, тест материалларини абитуриентларнинг ўзига бериш, натижасини эса имтиҳоннинг эртасига эълон қилиш вазифалари қўйилган. Шунингдек, тест жараёнини катта павильон, спорт мажмуаларида ўтказиш, ошкораликни таъминлаш учун видеокузатув ҳамда онлайн трансляцияларни ташкил қилиш вазифалари ҳам қўйилган», – дейди ДТМ раҳбари.

Бундан аввалроқ, Шавкат Мирзиёев тест синовлари эскирганини, таълим тизими, хусусан, олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, бунда ривожланган давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларга алоҳида аҳамият қаратиш, тест синовларининг очиқлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берган эди.

SHARE