Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи давомида 3,5 миллиард долларлик битимлар имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасига давлат ташрифи доирасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 20 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.

Шунингдек, 26 октябрь куни Истанбулда ўтказилган икки мамлакат ишбилармон доиралари бизнес форумида йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмаларини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш соҳаларида 3,5 миллиард доллар ҳажмидаги 30 дан ортиқ лойиҳа бўйича битимлар имзолангани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев яқин йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3-4 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани, бу икки мамлакат ишбилармонлари учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Туркия компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонда бизнес юритиш борасидаги фикрлари билан қизиқди.

Туркиялик ишбилармонлар валюта бозори эркинлаштирилгани, виза олиш тартиби соддалаштирилгани ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулайликлар яратилганини таъкидлашди. Инвесторлар ва йирик компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқаларга қулай шароит яратилаётгани, мамлакатимизда Туркия бизнес маркази ташкил этилиши маълум қилинди.

Очиқ ва амалий руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Туркиянинг молия ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди, томонларни қизиқтирган аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди.