Навбаҳор Имамова: Конгресс қошида ўтказилган мулоқотларда Ўзбекистоннинг янги авлод вакилларини кўрдим

“Америка овози” радиоси вакили Навбаҳор Имомова шу кунларда Америка Қўшма Штатларида мулоқот ўтказаётган Ўзбекистон қонунчилик ҳокимияти вакиллари ҳақида Facebook’даги саҳифасида муносабатини билдирди.

“Бугун Вашингтонда АҚШ Конгресси, Сенат қошида Ўзбекистон ҳақида кечган тадбирда Тошкентдан келган делегацияни мароқ билан тингладим. Шу кунгача Америка пойтахтида республикадан бирор арбоб бу қадар ишонч ва иқтидор билан гапирмаган.

Улардан эшитганларимиз юзасидан саволлар бир дунё, баҳлашсак арзийди, лекин сенатор, қонунчи ҳамда ҳукумат органларидан келган меҳмонлар инглиз тилида бурро қилиб, муаммо ва eтишмовчиликларни тан олиб, бугунги вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилаётганига қараб, янги авлод вакилларини кўрдим.

Бу инсонлар олдинда машаққатли йўл турганини билади. Тузумда ўзгаришлар қилиш саноқсиз, майда ва жуда мураккаб қадамлар ташлашни талаб этишини ҳам тушунади. Улар эски гаплардан тўйган. Ўзларини ҳам, оммани ҳам алдашни хоҳламайди.

Бор гап шу: Ўзбекистонда янги давр бошланди; иш кўп; давлат дунё билан яқиндан ишламоқчи; узоқ-яқинда ишончли шерикларга эга бўлмоқчи ва ўзи ҳам шу жараёнда оёққа турмоқчи.

Сенатор Алишер Курманов сўзи билан айтганда, Ўзбекистон учун ҳар қандай соҳада оқсаш уят, лекин олдинга қадам қўйиш кучли ирода ва қаттиқ меҳнат талаб қилади”.

 

 

SHARE