АҚШ элчихонаси ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов озодликка чиқарилганини олқишлади

Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳибсдан озод қилиш давом этмоқда. Ғанихон Маматхонов озодликка чиқарилди.

Gazeta.uz сайти ёзишича, 2009 йилдан буён ҳибсда бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов озодликка чиқарилди. Фарғона вилоятида фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб, болаларнинг мажбурий меҳнатига қарши курашган Маматхоновнинг озод этилишини АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олқишлади.

«Бу воқеа яқиндагина бир неча виждон тутқунлари озодликка чиқарилишидан кейинги яна бир янгилик бўлиб, у Ўзбекистон ҳукумати халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш андозаларига содиқлигини намойиш этувчи қўшимча ижобий қадам бўлди», — дейилади баёнотда.

«Америка Қўшма Штатлари Президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва инсон ҳуқуқлари борасидаги ислоҳотларга бўлган садоқатни қўллаб-қувватловчи келгуси қадамларни кутиб қолади», — дейилади хабарда.

Октябрь ойидан буён ҳуқуқ ҳимоячиларидан Агзам Турғунов (2008 йилда қамалган) ва Аъзам Фармонов (2006), шунингдек журналист Солижон Абдураҳмонов (2008) қамоқхоналардан чиқарилди.

Аввалроқ узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларига алоқадор бўлган бошқа фуқаролар, жумладан Муҳаммад Бекжонов, Мурод Жўраев, Эркин Мусаев, Жамшид Каримов ҳам озодликка чиқарилган эди.

SHARE