Украина инқирози: Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак?

Украина, бир неча ойдирки,  халқаро хабарларнинг марказ нуқтасини эгаллаб келмоқда.  Бу катта геосиёсий ўйинда манфаатли тарафлар ўз мавқеларини олға суришда оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланмоқда.

Украина инқирози юзасидан кескин икки хил қараш – Россия ва Ғарбнинг масалага фарқли ёндашуви кўпчиликни чалғитгани, масаланинг аслини тушунишда қийнагани сир эмас.

Бу масалада тарафларнинг манфаатлари нималардан иборат,  ўзбекистонликлар қайси йўлни танлагани мақбул, шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтсам.

Украина устидан Ғарб ва Россиянинг тўқнашувга кириши 1997 йил Збигнев Бжезинский томонидан “Катта шахмат доскаси” китобида башорат қилинган.  Унда 2005–2015-йиллар орасида Украина Европа иттифоқи учун муҳим номзодга айланиши айтилади.

Совет иттифоқининг парчаланиши Россия олдига икки йўлни қўйди:  Россия Ғарб давлатлари билан иқтисодий ва сиёсий интеграция орқали тўлиқ ҳамкорликни йўлга қўйиши ёки Совет иттифоқининг асосий меросхўри сифатида эски қудратини қайта тиклашга интилиши лозим эди.

Россия Путин ҳокимияти остида иккинчи, супер куч бўлишга уриниш йўлини танлади.  Совуқ урушдан тўғри хулоса чиқарган Ғарб давлатлари бунга йўл қўймаслиги табиий эди.  НАТО ва Европа иттифоқининг шарқий Европадаги собиқ Совет иттифоқи аъзоларини ўз сафига қўшиб олиши Россия учун ҳарбий таҳдид ва геосиёсий йўқотишдан бошқа нарса эмас эди.  Россия Ғарбнинг кенгайиб бораётган ҳарбий ва сиёсий иттифоқи чегарасини Украинада белгилади.  Чунки Россия Украна билан бирга глобал куч,  Украинасиз чекланган давлат,  холос.

Европа Иттифоқининг ҳарбий таҳдиди

Совет иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги совуқ урушнинг тугаши ва Совет иттифоқининг парчаланиши 1991 йилда “Варшава шартномаси”нинг тугатилиши билан бевосита боғлиқ.  Москва раҳнамолигидаги ҳарбий блокнинг парчаланиши ва “қизил империя”нинг қулаши оқибатида  бир қатор шарқий Европа давлатлари НАТОга аъзо бўлиш истагини билдирди.  НАТОнинг кенгайиб бориши Совет иттифоқининг асосий меросхўри бўлган Россиянинг хавотирига замин яратди.  Украина НАТОга аъзо бўлмаса-да,  Европа иттифоқи ва НАТО билан ҳамкорликни кучайтириши Россияни ташвишга солмаслиги мумкин эмас эди.  Москвага кўра, Украинанинг НАТОга қўшилиши ҳарбий жиҳатдан Россиянинг жанубий мудофаасини заифлаштиради.

Европа иттифоқининг иқтисодий-сиёсий таҳдиди

Украина Европа иттифоқи ва Евросиё иттифоқи ўртасидаги аросат давлат.  Ҳар икки иттифоқ уни ўз таъсир орбитасига тортишга ҳаракат қилади.

Харитада Европа иттифоқи (кўк рангда), Евросиё иттифоқи (қизил рангда) ва ҳар икки иттифоққа кирмаган ҳудудлар (яшил рангда) акс этган.

Россия собиқ Совет иттифоқи ҳудудларида Ғарбнинг Европа иттифоқига ўхшаш Евросиё иттифоқи ташкилотини тузишни мақсад қилган.  Евросиё иқтисодий иттифоқини қуриш ҳақида Россия,  Қозоғистон ва Беларус ўртасида шартнома имзоланган эди.  Сўзда собиқ Совет ҳудудларида эркин иқтисодий зона яратиш, эркин савдо айланмасини жорий этиш бўлса-да,  амалда Россия эски Совет иттифоқини тиклаш амбициясига эга экани ҳақида хавотирлар бор.

Украинанинг Европа иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириши ёки Европа иттифоқига расман қўшилиши  Россиянинг энг асосий даромади ҳисобланган нафтни Ғарб давлатларига сотишида қийинчилик туғдириши аниқ.  Россия Украинани қўлдан бой бериши оқибатида Ғарб давлатлари Марказий Осиё,  хусусан,  нефтга бой Қозоғистон билан Украина ўртасида Россиянинг таъсиридан холи алоҳида шартномалар тузиш имкониятига эга бўлади.  Ғарбнинг минтақада юритаётган стратегияси ичига Марказий Осиё давлатлари билан Россия иштирокисиз ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам киради.

Россия, шунингдек,  Украинасиз нефтга бой Касбий денгизини,  стратегик аҳамиятга эга Қора денгиз устидан назоратни йўқотади.  Натижада Европа иттифоқининг собиқ Совет иттифоқи ҳудудларига кириб бориши тезлашади.

Россия минтақа давлатлари учун таҳдидми?

Биринчидан,  Россия ўз “таъсир зонаси”даги – шарқий Европа (Украина,  Беларус ва Молдова),  Жанубий Кавказ (Грузия,  Озарбайжон ва Арманистон) ва Марказий Осиё (Қозоғистон,  Ўзбекистон,  Тожикистон,  Қирғизистон ва Туркманистон) – давлатларнинг Россия иштирок этмаган ҳар қандай сиёсий ёки иқтисодий шартномаларга киришини истамайди.

Иккинчидан,  Россия мазкур давлатларни ўз таъсирида ушлаб туриш учун ҳар хил сиёсий ва иқтисодий инструментларни қўллайди.  Масалан,  Беларуснинг саноат соҳасида ўзига қарам қилган бўлса,  Грузияни Абхазия ва Жанубий Осетияда,  Озарбайжонни Қорабоғда Россияга хайрихоҳ сепаратист гуруҳларни қўллаш орқали ўз измида ушлаб туради.

Учинчидан,  Россия Қозоғистондаги 4 миллионга яқин рус аҳолиси ва дунёнинг энг узун Россия-Қозоғистон чегарасини ҳимоя қилиш даъвоси билан Евросиё иттифоқи аъзоси бўлган Қозоғситоннинг ҳар қандай ташқи иқтисодий ва сиёсий битимларига таъсир ўтказа олиш салоҳиятига эга.  Айниқса,  буни Қозоғистон нефть экспортида кўришимиз мумкин.

Марказий Осиёнинг ярим аҳолиси Ўзбекистонда жойлашган.  Шунингдек,  минтақа жами аҳолисининг бешдан бири,  11 милион киши Фарғона водийсига тўғри келади.  Советлар зич аҳолига эга бу минтақани ўз таъсир доирасида ушлаб туриш учун уни уч давлат – Ўзбекистон,  Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида бўлган.  Россия ўз манфаатларига зид ҳар қандай сиёсий,  иқтисодий воқеликка бу ҳудудларнинг тинчлигини бузиш орқали жавоб қайтариши мумкин.  Ундан ташқари,  Ўзбекистон аҳолисининг ўндан бири Россияда яшаб,  меҳнат қилади.  Россия бундан ҳам сиёсий йўлда фойдаланиши мумкин.

Туркманистон эса Россия учун Эрондан келадиган хавфнинг олдини олиш учун керак.  Туркманистоннинг асосий кирими нефтдан бўлгани учун нефтнинг экспорти устидан назорат Россия учун Туркаманистонни таъсирида ушлаб туриш воситаси ролини ўйнайди.  Туркманистон ва Озарбайжон ўртасидаги транс-Каспий қувури лойиҳасига Россиянинг қарши чиқиши бежиз эмас.  Ғарб давлатлари ва Хитой тарафидан қўллаб-қувватланган бу лойиҳа а) Хитойнинг Россиядан холи Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги савдо йўналишини белгилашига,  б) Туркамистоннинг Озарбайжон орқали Россия таъсиридан холи Европага нефть сотишига имкон яратади.  Россия Марказий Осиё давлатларининг тарқоқ ва Россияга қарам бўлишидан манфаатдор.  Ғарб давлатларига мойил ҳукумат ёки Ғарб кўмагида ўтказиладиган  жиддий демократик ислоҳотлар Россия манфаатларига путур етказиши мумкин.

Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак?

Россиянинг геосиёсат айвонида глобал куч бўлишга интилиши оқибатида дунё яна икки қутбга,  Евросиё иттифоқи ва Европа иттифоқи/АҚШга ажралди.  Хабарларда “Совуқ уруш” атамасининг тез-тез қулоққа чалинаётгани бежиз эмас.  Лекин Совет иттифоқидан фарқли ўлароқ,  Россия Европа иттифоқи ва АҚШга қараганда иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан анча заиф.  Қолаверса,  Совет иттифоқи ҳудудларида Россиянинг тарафдорлари жуда кам.  Ҳаммаси Евросиё иттифоқининг муваффақияти билан боғлиқ.

Бундан олдин минтақада савдо баҳонаси билан қурилган ҳеч бир ташкилот кўзланган самарани бермади.  Ғарб давлатлари ва АҚШ Евросиё иттифоқининг инқирозга юз тутиши учун барча имкониятлардан фойдаланади.  Бу жараёнда Ўзбекистон Россия учун жуда муҳим.

Ўзбекистон глобал кучлар манфаати йўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаслиги учун минтақадаги катта давлатларнинг манфаатларига тўғри ташхис қўйиб,  сўнг ўз манфаатига мос иттифоқдошлар билан алоқаларни яхшилаш йўлини тутиши лозим.

Азиз Ватандош! 

Сизга қуйидаги уч саволни беришга ижозат беринг.

1.       Сиз учун Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатда мустақил,  халқаро муносаатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида тинч ва барқарор сиёсат юритиши,  демократик ва фуқаровий жамият ҳамда эркин иқтисодиётга асосланган давлат қуриши муҳимми?

2.       Собиқ Совет иттифоқи ҳудудларидаги давлатларда дунёнинг бошқа ривожланган давлатлари,  хусусан,  Европа ва АҚШдаги иқтисодий ва ижтимоий яшаш шароитлари бўлишини истайсизми?

3.       Умуминсоний қадриятлар,  сўз,  виждон ва ахборот эркинлиги сиз учун муҳимми?

Агар жаобингиз “ҳа” бўлса, Россия билан кучли интеграциялашган давлатлар учун юқоридагиларга эришишнинг имкони йўқ.  Демак, ривожланаётган ёш давлат сифатида мазкур қадриятларни ҳурмат қиладиган ва бутун инсониятга тарғиб қилаётган давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатишимиз зарур.