Euronewsда Самарқанд об-ҳавоси ҳақида ахборот берила бошланди

Машҳур Euronews телеканали об-ҳаво дастурида Самарқанд ҳам қайд этила бошланди. “Жаҳон” ахборот агентлигининг хабар беришича, шу йилнинг 15 майидан дунё пойтахтлари об-ҳавоси ҳақидаги маълумотлар рўйхатига Самарқанд ҳам қўшилди. Ўтган йилнинг кузидан эса Тошкент ушбу рўйхатга кирган эди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, сўнгги пайтларда ушбу телеканалда Ўзбекистонда туркум кўрсатувлар бериб борилмоқда. Чунончи, ўтган йилнинг кузидан Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари шаҳарларнинг туризм имкониятлари ҳақида Uzbekistan Life телекўрсатувлар бериб боришни бошлади.

Умуман,   Uzbekistan Life кўрсатувлар цикли ва “Ўзбекистон — сеҳрли Шарқ гавҳари” деб номланган реклама ролиги Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳақида мазкур машҳур телеканалдаги кенг миқёсли ахборот кампаниясига айланди.

Euronews телеканали йил давомида Ўзбекистоннинг устувор соҳалари бўйича кўрсатувлар бериб боришни режалаштирган. Euronews тижорат директори Оливье де Моншенюга кўра, телеканал Ўзбекистон билан истиқболда ахборот ҳамкорлигини янада кучайтирмоқчи.

“Яқин вақт ичида Life дастури учун кўрсатувларни тайёрлаш режалаштирилмоқда. Уларда Ўзбекистон тарихий-маданий мероси, туризм салоҳияти ҳақида кенг маълумот берилади. Ушбу кўрсатувлар Ўзбекистон ҳақидаги ахборот кампаниясининг бир қисмига айланади. Шу билан бирга, мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳаётини ёритишга оид яна бир қатор лойиҳалар дастлабки тарзда кўриб чиқилмоқда”, дейди у, жумладан.

Euronews дунёнинг 155 мамлакатида намойиш этилади. У ўз дастурларини кабель ва сунъий йўлдош орқали ҳам тарқатади. У дунёнинг қатор тилларида 24 соат ахборот тарқатади.