Украина уруш ёқасидами?

Украинанинг жанубий ва шарқий ҳудудларида юз бераётган воқеалар бугунги кунда ўзининг кульминация нуқтасига етди, десак муболаға бўлмайди. Негаки, давлат раҳбари, ўрисча айтганда, и.о президент Турчинов ушбу ҳудудлардаги “сепаратист ва террорист”ларга қарши махфий бўлган ҳарбий амалиётни амалга оширишга киришди.

Гарчи шу кунларда жиддий тўқнашувлар кузатилмаётган бўлса-да, армия ва миллий гвардиянинг ўз мақсад-муддаосини амалга ошириши эҳтимоли жуда қийинга ўхшаб кўринмоқда. Негаки, “сепаратист ва террорист” ёки ғарб матбуоти таърифича, “қуролли тўдалар ёки қароқчилар” билан бирга, Россия оммавий ахборот воситалари қайд этаётган “федерализация тарафдорлари”, “кўнгилли лашкарлар”, “ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари” билан Майдондаги намойишлар боис ҳокимиятга келганларга қарши бўлган тинч аҳоли вакиллари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳар қандай провокация охир-оқибат вазиятни ўнглаб бўлмас даражага етказиши турган гап. Вазият танг бўлиб турибди, эртага эса Женевада Украинадаги инқирозни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган дипломатик музокаралар бўлиб ўтади. Шуни тахмин қилиш мумкинки, ҳозирча бу учрашув шу музокара бўлишидан ташқари ҳеч қандай сезиларли натижа бермаслиги турган гап.

Бизнингча, Украинанинг шарқий ва жанубий ҳудудларидаги вазиятнинг танг бўлиб туришидан Россиядан бошқа ҳеч ким фойда кўрмайди. Негаки, ушбу ҳудудларда уруш ва бошқа беқарорлик фақатгина Россиянинг фойдасига ўйнаши мумкин. Албатта, Россия ушбу ҳудудларга қўшин киритиши эҳтимоли жуда паст. Путин Украинанинг бошқа ҳудудларини босиб олиш ёки уларга қўшимча эркинликлар бериш учун ҳарбий куч ишлатишга жазм қилмаслиги мумкин. Путин қаҳрамон бўлишни яхши кўрадиган сиёсатчилардан. У нафақат россияликлар, балки халқаро миқёсда тан олишларини истайди. Шунинг учун ҳам Украинанинг автоном ёки бошқа мақомга эга бўлмаган ҳудудларига тажовуз қилиши (ҳар қандай иддо билан) эҳтимолдан жуда йироқ. Бу, албатта, бизнинг фикримиз.

Аммо Путин ушбу ҳудудларда беқарорлик сақлаб қолинишидан манфаатдор бўлгани учун Ғарб ва халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини этник ўрислар ва рус тилида сўзлашувчи аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратишда давом этади, Ғарб мамлакатларини икки хил стандартда иш олиб бораётгани учун уларни танқид қилаверади. Балки кўринар ва кўринмас йўллар билан “федерализация тарафдорлари”, “кўнгилли лашкарлар”, “ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари”ни моддий, маънавий қўллаб-қувватлаши ҳам мумкин. Чунки бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси халқаро ҳамжамиятнинг, хусусан, Украинанинг эътиборини чалғитишга қаратилгандир. Яъни Ғарб ва Украина шарқий ва жанубий ҳудудлардаги вазият тизгинини қўлга олишга овора бўлиб турганда, Путин Қримнинг тўлиқ Россия таркибига айлантириб олади. Албатта, референдумдан сўнг Қрим Россиянинг таркибига айланди. Аммо Путин Украина ва Ғарб нигоҳи бошқа жойда бўлиб турган бир шароитда Қримнинг барча телекоммуникация, коммунал инфратузилмасини Россия билан боғлаб олади. Қрим нафақат қоғозда, балки “жисмонан” Россиянинг таркибий қисмига айланади. Энг муҳими, Қримни Украина бўйича олиб борилаётган музокараларда иккинчи даражали масалага айлантириб олади. Ҳарқалай Турчинова ва унинг ҳаммаслаклари “Қрим қўлдан кетиб бўлди, шарқий ҳудудларни сақлаб қолайлик”, дейишга мажбур бўлади.

Шу маънода айтганда, (но)расмий Киев хоҳласа ҳам, намойишлар тўхтаб қолганда ҳам шарқий ҳудудлардаги танглик ҳали бери тинчимаса керак. Чунки бунинг учун Россияда сиёсий хоҳиш, Украинада эса вазиятни тартибга соладиган том маънодаги “давлат” йўқ.

Мурод Ғофуров