Ўзбекистон ким тарафида? Украина ёки Россия?

Бугун дунё оммавий ахборот воситаларининг нигоҳи, шак-шубҳасиз, Украинадаги вазият билан бевосита боғлиқдир. Ғарб бир овоздан Россияни қоралаётган бўлса-да, Россиянинг стратегик шериклари бу борада бироз ноаниқ ишоралар қилишмоқда. Лекин уларнинг аксарияти “халқаро ҳуқуқ”ни, “Украина суверинети ва ҳудудий яхлит”лигини ҳурмат қилишга чақирмоқда.

Ўзбекистон ҳам Украина воқеалари юзасидан ўз муносабати билдирди. “Жаҳон” ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотда Украинадаги воқеалар “мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши” ва “Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғот”иши алоҳида қайд этилган.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Россия Федерацияси томонидан амалга оширилаётган ёки амалга оширилиши режалаштирилаётган хатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватламаслигидан далолатдир. Албатта, Россиянинг гегемонлик хатти-ҳаракатлари, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётган “империалистик ғоялари”га Ўзбекистон жуда эҳтиёткорлик билан муносабат билдириб келмоқда. Бугунги кунда турли интеграцион ғояларнинг ўртага ташланаётгани, собиқ Иттифоқ мамлакатларига таъсир ўтказишнинг турли воситаларидан фойдаланаётгани — барчаси Ўзбекистон раҳбарияти томонидан синчковлик билан кузатиб борилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Украинадаги вазият бўйича баёнот Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа нуфузли идора томонидан эмас, балки “Жаҳон” ахборот агентлиги томонидан маълум қилинди.

Бу бежиз эмас. Негаки, 2004 йил 16 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида Стратегик шерикчилик тўғрисида шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида Шартномаларнинг муҳим шартларидан бири минтақавий ва халқаро масалаларда келишилган ҳолда сиёсат олиб боришни кўзда тутади. Шу боис Ўзбекистон ўзининг стратегик шериги қилаётган хатти-ҳаракатларга имкон қадар паст оҳангда ва паст даражада эътироз билдиришни назарда тутган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Яна шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон “юрак ютиб” Украинанинг “суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги”ни ҳурмат қилишга чақирган мамлакатлардан бири, десак муболаға бўлмайди. Чунки Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг 3 март куни эълон қилинган баёнотида “Украинадаги танглик кенгайиб бораётганидан хавотир” билдирилган бўлса-да, Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича “калит сўз”лар ёддан кўтарилган. Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар маҳкамаси эса бу масалада сукут сақлашни афзал билмоқда.

Аксарият Ўзбекистон фуқаролари, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари “Жаҳон” ахборот агентлиги баёнотида билдирилган позициясини қўллаб-қувватлашаётганини айтиш мумкин.

                                                                                                                                                                Мурод ҒОФУРОВ.