Қрим нуқта RU

…Бир-бирига энг яқин бўлган иккита славян халқ – руслар ва украинлар жаҳон тарихини тубдан ўзгартириб юборади деб ким ўйлабди, дейсиз.

Ҳайратда қолган жаҳон аҳлининг кўз ўнгида Москванинг қилган қилиқларидан сўнг дунё энди олдингидек бўлмайди. Таҳлилчиларнинг ёзишига кўра, икки хафта ичида нафақат Россия, Украина ва Қримнинг ривожланиши тарихи, балки ҳозирги дунёнинг аксар мамлакатларининг тақдири тубдан ўзгариб кетди.

Шунинг учун ҳам бугун дунёдаги муносабатларга асос бўлиб турган иккинчи жаҳон урушидан кейинги бутун халқаро ҳуқуқ, шартномалар тизими қайта бичилмоқда, деб таъкидлайди таҳлилчилар.

Украинадаги ҳукуматнинг ағдарилиши ва Россия Қримни тезлик билан ўзига қўшиб олиши – ақлга тўғри келмайдиган ҳодисаларнинг стартегик оқибатлари  ҳозирги дунёдаги сиёсий ва иқтисодий жараёнларни бутунлай ўзгартириб юборди.

Қрим довули

Номаълум ҳарбийлар тарафидан Қримнинг стратегик аҳамиятга молик объектларини назоратга олган илк кунлари бўйича Москва ҳатти-ҳаракиларига америкаликлар тўғри баҳо бераолдилар.

Собиқ иттифоқ парчаланиб кетганидан бери Қўшма штатларга кимдир муросасиз равишда қарши чиқди, The Washington Post ёзади: “Қримга бостириб кирар экан,  Путин гўё 19 асрда яшаётгандек ўзини тутди дейиш, сўнгги ҳодисалар аҳамияти ҳақида нотўғри фикрларни шакллантиради”.

Газетага кўра, Путин ҳисобида асло адашмаган, у урушнинг 21 асрдаги янги услубини ўртага ташлади. “Путин Қримда “урушнинг ловуллаши” – тез ва ниқобланган тактикасини ишлатиб кўрди. Келажакда бу тактика кенг қўлланиши эҳтимоли бор” – деб таъкидлайди америкаликлар.

Россиялик таҳлилчилар эса бўлиб ўтган воқеалар бўйича чуқур мазмунли таҳлилларини тақдим қилишди. «Россия глобал сиёсатда» журналининг бош муҳаррири Федор Лукяновнинг айтишича: “Украина инқирози ва унинг Қрим босқичи одат бўлган схемаларни йўққа чиқарди.

Европалик вазирлар босимидаги “муроса” ва Киевда Янукович тузумининг барбод бўлиши орқасидан ҳуқуқий ва сиёсий чалкашликлар Москва тарафидан қатъий чоралар кўришига сабаб бўлди”.

Унинг сўзига кўра, “Москва жуда катта ўйинни бошлаган. Катта хавф ҳам бор,  бироқ эҳтимолий фойда ҳам кичкина эмас”. Бунга сабаб эса, эски жаҳон тартибининг ишламай қолиши, янгисининг эса энди шаклланишидир.

“Биринчи бўлиб, 1986 йили Михаил Горбачев янги жаҳон тартибига эҳтиёж борлиги ҳақида гапирган эди.  Владимир Путин эса, ўша жойга қайтиб, яна бир марта уриниб кўрмоқчи”, деб такидлайди Лукянов.

Ёриб ўтиш ё тузоқ?

Нима бўлган тақдирда ҳам Украина ўйинига аралашган Россия катта хато қилгани ҳақида гапираётганлар ҳам бор. Сирли ва махфий нарсалар ҳақида гапиришни яхши кўрадиган Ҳайдар Жамол Қрим-Украина комбинациясини АҚШ бошлади, деб ёзади. “Ўйлашимча, америкаликлар Россиянинг бугунги Қримдаги ҳатти-ҳаракатларига рухсат берган, деб ёзади Жамол, – Бундай қадамдан кўзланган асосий мақсад – Россияни, ҳудди Саддам Ҳусайн Кувайтни босиб олишга рухсат сўрагани ва бунга ижозат олгани каби тузоққа тушириш. Ўшанда кўнгилсиз воқеалар юз берди, агар бу нарсалар қандай оқибатларга олиб келишини билганида Саддам Кувайт деган сўзни бутунлай унитиб юборган бўлар эди”.

Жамол сўзини давом эттирради: “ Менга кўра, Ғарб Россиянинг айни шундай ҳолатга тушишига умид қиляпти. Бу эса, Россияни Чеченистон урушидаги ҳолатидан ҳам оғир ҳолатга солади. Шунинг учун ҳам ҳамма нарса энди бошланиб келмоқда ва Ғарб ўзининг контр ўйинини бошлаши учун Россиянинг Украинага кенг миқёсда кириб келишини кутмоқда”.

Бошқа мутахассислар ҳам деярли шунга ўхшаш фикрларни билдиришмоқда. Яъни, Москва ўзининг яқин қўшниси билан узоқ давом этадиган урушга аралашиб қолиши ҳақида башоратлар берилмоқда. Бунга эса, баъзи собиқ соцлагер мамлакатларнинг Украинага қурол-яроғ ва инструкторларни етказиб бериши ҳам далолат қилаётган эмиш.

Душанба куни, Қрим референдумидан сўнг, ОАВлари Украинада қисман сафарбарлик (мобилизация) эълон қилинганлиги ҳақида хабарлар тарқатишди. Бу қарорга кўра, Ҳарбий кучларга қўшимча 20 минг аскар, ҳамда яна яқинда ташкил қилинган Миллий гвардия сафига 20 минг одам жалб қилинади.

Максим Шевченко каби машҳур журналист ҳам шундай нохуш сценарийга қўшилди. Унинг таъкидлашича: “Қрим бўйича референдумдан сўнг Россия учун Украина душман мамлакатга айланади”.
Унинг сўзига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги барча муносабатлар йўққа чиқади. Киев эса, тўлалигича Ғарб томон бурилади. Шевченконинг яна айтишича, Украина Европа Иттифоқи билан барча параметрлар бўйича: сиёсийдан бошлаб ҳарбий масалаларгача шартномалар тузади.

Москва дадиллигининг сабаблари

Бу ерда, нега Москва Украинанинг янги ҳукуматига нисбатан қатъий чоралар кўрганини тушунишимиз керак бўлади. Бу ерда Кремл фақат Қрим аҳолиси ғами учун бутун ҳалқаро ҳамжамиятга қарши бормагани ҳам очиқ-ойдиндир.

“Россия глобал сиёсатда” журналининг бош муҳаррири Федор Лукьяновнинг ёзишича, Москванинг бундай дадил қадамлар ташлашининг асл сабаби, Россияга “абадий равишда кўтарилиб келаётган” буюк давлат деб қаралиши (ҳолати) жонига теккан.

Унинг сўзига кўра, аввалги ривожланиш модели тугаб битган. Ҳозирги Россия элитаси Хитой каби аста-секинлик ва қунт билан ривожланишга қодир эмас… Глобал интеграциядан тўлақонли фойда чиқаришни ҳам эплай олишмади…

Ҳақиқий тенг шерик сифатида ҳам тан олинишига эриша олмади… Бундан ташқари, Россия билан тенг шерик сифатида ҳеч ким гаплашмоқчи ҳам эмасди…  Россияни рози қиладиган ўйин қоидасини ҳеч ким унга таклиф қилгани ҳам йўқ, ҳатто бу ҳақда у билан мунозара ҳам олиб борилмади…

Бунга қўшимча сифатида Россиянинг мавжуд рақобатбардошлик имкониятлари ҳам яқин ва узоқ келажакда камайиб боради. “Афтидан, Россия ҳукумати мавжуд йўллар билан ёриб чиқишга имкони йўқ, бунинг ўрнига сўниш бор, деган хулосага келганга ўхшайди”, деб ёзади Лукьянов.

Дунёда ҳеч ким Россиянинг бундай кескин ва муросасиз тарзда жорий ҳолатни қайта кўриб чиқишни талаб қилишини кутмаган эди. Энди Москва ўзининг қўлқопини Ғарбнинг башарасига отиб бўлганидан сўнг Россия Шарққа қараб бурилиши керак бўлади.

Сиёсатшунос Михаил Ремизов ҳам бундай бурилишнинг жиддий бир сабабини ёзади: “Энди Россия ревизионист мамлакатдир. Агар у заифлашиб қолса омадсиз ревизионистга айланади. Бу эса ёмондир. Шунинг учун ҳам бундай мураккаб йўлдан воз кечишлик билан қутилиб бўлмайди. Бизнинг ягона имкониятимиз воз кечишлик эмас, балки муваффақиятлардир”.

Москва энди нималарга тайёр бўлади?

Москванинг бундай умидсиз қадамидан сўнг, бутун дунё Россиянинг яна қанчалик чуқур кетишини интиқлик билан кузатиб турибди. Кремлга яқин таҳлилчи Михаил Леонтев бу борада одамларни чўчитадиган даражада очиқ гапирмоқда.

Унинг сўзига кўра, Россия ҳукумати совуққонлик ва ўз кучига тўлиқ ишонч билан ўз таъсирини аста-секин кенгайтириш учун ҳар томонлама ўйланган стратегик сиёсат олиб бормоқда. Леонтевнинг айтишича, Москва тарафидан Украинанинг шарқида жойлашган вилоятларига кафолат бериш масалалари кун тартибида турибди эмиш.

Баъзи таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Москванинг бундай дадиллиги фақат битта Қрим ва Украинанинг ўзи билан чекланиб қолмайди. Кремл мантиғига кўра, у Украинанинг шарқи ва жанубини ҳам олиб, сўнг бутун Украинани ўз назоратига олмоқчи.

Бундан сўнг эса, собиқ иттифоқ ҳудуди – Қозоғистон, Озарбайжон, Белоруссия мамлакатларидаги ватандошларга ёрдам бериш масаласи кўндаланг бўлади.

“Албатта, ҳар қайси ҳолат – Украина ва Қозоғистондаги ўрислар, олдинлари Гуржистон таркибида бўлган Жанубий Осетия ва Абхазия, Озарбойжондаги лазгинлар масаласини Кремел алоҳида якка тартибда кўриб чиқади. Ва ҳар бир масалани ўзига хос ва бошқаларга ўхшамаган сиёсий ечим топади” дейди сиёсатшунос.

Бироқ, Максим Шевченконинг фикрича,  россиялик сиёсатчи ва сиёсатшуносларнинг бунга ўхшаш риторикаси собиқ совет ҳудудидаги қўшниларни чўчитади. “Алмати жуда чўчиган, хатто Қозоғистон парламентида Россия телеканалларининг трансляциясини тақиқлаш масаласини муҳокама қилишгача боришди”, дейди журналист.

“Жириновскийнинг Шимолий Қозоғистон ҳудудларини олиб қўйиш ҳақидаги чақириқларини жиддий қабул қилишган. Москванинг Жириновский гапларига танбеҳ бериб қўйганини ҳам эшитганлари йўқ. Шунинг учун ҳам қозоқ элитасининг жаҳли чиққан”, деб эслатади Шевченко.
Унинг сўзига кўра, Москванинг қатъий риторикаси янги украин ҳукуматининг ҳам ғазабини келтирмоқда. Шевченконинг айтишича, Москванинг бундай ҳаракатлари ҳукуматга келган кучларнинг мавқеларини янада мустаҳкамлайди.

Россия билан ташки конфликтсиз уларнинг иқтидори ниҳоятда барқарор эмас. Турчинов ва Яценюк учун Қримдаги инқироз катта совға бўлди – бу туҳфа уларнинг иқтидорини кучайтиради. Агар Москванинг бунга ўхшаш босими бўлмаганида эди, уларни икки ойдан сўнг Майдон еб қўйган бўлар эди.

Энди эса, улар Европа иттифоқи билан шартнома тузган, Россия империализмига қарши турган, демократия, озодлик ҳимоячилари каби сифатлар билан тарихга киришади. Яценюк Обама ва Керрилар билан Вашингтонда учрашиб бўлди”, дейди Шевченко.

Евроосиё Пандора қутиси

Умуман олганда, деярли барча таҳлилчилар Россиянинг Қримни ўзига қўшиб олиши Евроосиё учун ўзига хос “Пандора қутиси”нинг очилиши демакдир… Бу эса ўз навбатида собиқ совет иттифоқи шароитида жуда кўп қон тўкилишига сабаб бўлиши мумкин.

Россиялик машҳур журналист Акром Муртазаевнинг ёзишича: “Агар Квебек ва Шотландия жуда кўп йиллар мобайнида цивилизациялашган йўллар билан мустақил бўлишга ҳаракат қилаётган экан, МДҲ ҳудудларида бу нарсаларни қон тўкилишисиз амалга ошириб бўлмайди. Сиёсий хариталар қон билан бўялишдек жирканч одатга эга”.

Унинг сўзига кўра, “Қримнинг Россияга қайтиши, Қорабоғ атрофида фитналарнинг қўзғалишига, “тарихий адолатнинг тикланишига” яшил чироқ демакдир. Бундан ташқари, Муртазаевнинг таъкидлашича, Маракзий Осиё харитаси – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонларда ўзининг тарихий ечимини кутиб ётган жойлар бисёрдир…

Россия ўз қучоғига Қримни ҳали қўшиб олишга улгурмасдан Приднестровянинг Олий Радаси Давлат Думасида тан олинмаган Республикани ҳам ўз таркибига қўшиб олиш бўйича қонун ишлаб чиқишни илтимос қилди.

Таҳлилчилар Кавказ ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди. Москва энди кўп йиллардан бери эшик қоқаётган Жанубий Осетиянинг ҳам ўз таркибига қўшиб оладими? Бунга ўхшаш саволлар кўп…
Исроилдан келаётган башоратларга кўра, энди Москва Кавказ ортининг ҳукмрон элитасини ўзига бўйсиндириб олиш билан чекланмайди. Яъни, Москва учта Кавказ республикаларини Россия таркибига қўшиб олармиш.

Бу ерда гап энг камида Евгений Сатановскийнинг ёзганича бўлади: “Аввало, ўрислар кўпчиликни ташкил қиладиган Қозоғистон ва Доғистонликларга қардош бўлган эллатлар истиқомат қиладиган Озарбайжонда Россия билан чегарадошлик фактори ишга солинади…”
Қримнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, аслида эса сепаратизмни қўллаб қувватланиши Россиянинг ўзида қандай акс садо берар экан…

Ҳуқуқий тарафи

Қрим Россияга қўшиб олиниши мумкин эмас, чунки у суверен мамлакат бўлган эмас, дейди кўп таҳлилчилар. Референдум натижаларини рўкач қилган Путиннинг Қримни қўшиб олиш ҳақидаги қарори ҳам кўпчиликни таажжубга солди. Чунки Россия Федерацияси таркибига фақат мустақил бўлган янги субъктларнигина қўшиб олиш мумкин. Улар эса бошқа бир мамлакатнинг бир бўлагини ўзларига қўшиб олишди.

Қрим “ҳукумати”нинг Қрим мустақиллиги ҳақидаги қарори асло қонуний (легитим) бўла олмайди, чунки бу қарорни тасдиқловчи референдум ўтказилгани йўқ (майли номига бўлса ҳам). Россияга қўшилиш бўйича ўтказилган реферундумда эса мустақиллиқ ҳақида савол қўйилмаган. Аслида иккита реферундум ўтказилиши керак эди. Биринчиси мустақиллик ҳақида, яъни мустақил бўлиб олганидан сўнг, давлатчилик институтларини шакллантириш, сўнг эса бошқа мамлакатга қўшилиши масаласини кўтариш мумкин бўлар эди. Бироқ бунга жуда кўп вақт кетиб қолар эди.

Қримнинг мустақиллиги референдум орқали ўз тасдиғини топмаган экан, у Украинанинг бир бўлаги бўлиб қолаверади. Россия таркибида бўлиш истаги эса, истак, орзудан бошқа нарса эмас, дейди таҳлилчилар.

Абу Муслим тайёрлади