Ташқи ишлар вазирлигида “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га тегишли самолётнинг Лаҳор аэропортида туриб қолиши муҳокама қилинган

    r0a1GC13720797855709_b

    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти 2014 йилнинг 10 январь куни Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Риёз Ҳусайн Бухорий билан мулоқот ўтказган.

    Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, унда икки томонлама алоқаларнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Амритсарга қўниши лозим бўлган самолётининг Лаҳор аэропортида туриб қолиши  билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган.

    2014 йил 10 январь куни эрталаб Тошкент — Амритсар йўналишида парвозни амалга ошираётган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига тегишли самолёт Покистоннинг Лаҳор аэрпортига қўнишга мажбур бўлди. Самолёт 30 дақиқа мобайнида аэропорт устида учиб, кейинчалик Лаҳор аэропортига қўнган.

    Лаҳорда аэропорт вакиллари самолётни ёқилғи билан таъминлашдан бош тортишган, қолаверса, рухсат олиш билан ҳам муаммолар бўлган. Оқибатда самолёт Покистон аэропортида 7 соат туриб қолган.

    Кейинроқ самолётга ёқилғи берилган ҳамда 167 нафар йўловчиси бўлган самолёт Амритсарга учиб кетган ва муваффақиятли қўнган. 114 нафарга яқин йўловчи Амритсарда тушиб қолгач, самолётга Деҳлига йўл олган.

    Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида самолёт билан боғлиқ муаммо вазирликдаги учрашувгача ёки ундан кейин ҳал этилгани ҳақида маълумот йўқ.