Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов Даракчи.узнинг қисқа саволларига жавоб берди. бу қайсидир маънода хонанданинг бошқаларга маълум бўлмаган қирраларини очишга хизмат қилган бўлса ажабмас…
— Фарзандларингизга қандай отасиз?
— Қизларимни эркалатаман. Уларга умуман қаттиқ гапирмайман. Ўғлимни эса эркалаш билан бирга, бироз уришиб ҳам тураман.
— Ўзингизни фарзанд сифатида таърифланг?
— Фарзанд сифатида меҳрибон ва ғамхўрман деб бемалол айта оламан.
— Қандай дўстсиз?
— Мен дўстларим учун чин маънода ҳақиқий дўст бўла оламан. Ким биландир дўст тутундимми, демак, бу у умрлик!
— Ука сифатида ўзингизни қандай баҳолайсиз?
— Оилада энг кенжаси бўлганим учун доим эрка ука бўлганман. Ҳалигача шу эркатойлигим бор.
— Бировга душман бўлиб қолсангиз?
— Бировга душманлик қилиб орқадан ёмонлик қиладиган одатим йўқ. Агар рақибларим менга ёмонлик қилишса, ўша вақтнинг ўзида жавоб қайтаришим мумкин. Аммо шу кунгача у кабиларни Худога солиб келяпман.
— Рақиб сифатида ўзингизга қандай қарайсиз?
— Мен учун ҳамма рақиб. Барча билан соғлом рақобат олиб бораман.
— Қандай ҳамкасбсиз?
— Саҳнада қўлига микрофон ушлаганларнинг барчасини ўзимга ҳамкасб деб билмайман. Ўзининг истеъдоди билан машҳур бўлганларгина мен учун ҳамкасб. Уларга доим ҳурмат билан муносабатда бўлганман.
— Устозлик борсасида ўзингизни қандай баҳолайсиз?
— Шогирдликка лойиқларга устозлик қиламан. Шогирдларим учун ўта талабчанман. Ҳеч бир шогирдим мени юзимни ерга қаратмаган. Шунинг ўзи катта гап.
— Шогирдликда-чи?
— Ўзимни яхши шогирд бўла олганман деб ҳисоблайман.
Алия ТУЛЕМБАЕВА суҳбатлашди
Даракчи.ўз