Давлат тест маркази ўз сайтида мамлакат олий ўқув юртларига квоталар ва танловлар статистикасини реал режимда тақдим этди.
Гулистон давлат университетида бир ўринга 11 кишидан тўғри келяпти. Олий даргоҳга 11645 киши ҳужжат топширган бўлиб, улардан фақат 999 таси қабул қилинади. Кейинги ўринларда тенг позицияда Андижон Давлат университети, Фарғона Давлат университети, Андижон Давлат тиббиёт институти, Тошкент ислом университети ва Солиқ академияси келяпти. Уларда бир ўринга 10 киши даъвогрлик қилмоқда. Тошкентдаги олий ўқув юртлари орасида Тошкент ислом университети абитуриентлар орасида энг оммабоп бўлиб чиқди. Унда ўқиш учун 1149 киши ҳужжат топширган бўлиб, шулардан фақат 110 нафари танлов асосида қабул қилинади.
Талаб катта бўлмаган олий ўқув юрти сифатида Тошкент Миллий рақс ва хореография олий мактабини айтиш мумкин, бу ерда бир ўринга 2 кишидан тўғри келяпти. Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Бухоро филиали, Тошкент кимё-технология институтининг Қўнғирот бўлими, Ўзбекистон Давлат консерваторияси ва Тошкент архитектура-қурилиш институтига ҳужжат топширган абитуриентларда эса ўқишга кириш учун катта имкониятлар мавжуд. Уларда бир ўринга 2-3 киши даъвогарлик қиляпти.
Эслатиб ўтамиз, эртага Ўзбекистон олий ўқув юртларига ҳужжатларни қабул қилиш якунланади, кириш тест имтиҳонлари 1 августда бўлиб ўтади.