Чикагода кабобхўрлик

Шу йилнинг 10 июнь куни Чикаго яқинидаги Blackwell Forest Preserve истироҳат боғида ўзбекларнинг анъанавий йиллик дала сайли (пикник) бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Чикагодаги Ўзбекистон — Америкаси ассоциацияси томонидан ташкил этилди.

Пикникда Иллинойс штатидан ташқари Индиана, Висконзин, Флорида, Нью-Йорк, Огайо штатларидан жами 120 нафарга яқин ҳамюртимиз қатнашди.

Қўқонлик малакали ошпаз — Бахтиёр Набиев дошқозонда палов дамлаган бўлса, тошкентлик машҳур кабобпаз Абдулмуталлиб Холматов тайёрлаган шашликлар барчага манзур бўлди.

Болалар ва катталар учун бир қатор мусобақалар ташкил этилиб, ғолиблар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди. Чунончи, болалар учун “Ким кўп ўзбекча билади?”, “Ким чаққон?” ҳамда “Ким кучли?” мусобақалари, катталар учун футбол, арқон тортиш ўйинлари уюштирилди. Бир гуруҳ ҳамюртларимиз боғда қайиқда сайр қилишди, бир гуруҳи балиқ ови билан машғул бўлишди.

Пикникда қатнашган ҳамюртларимиз дала сайли фойдали ва қизиқарли бўлганлигини эътироф этишди.

Олим Шарипов,
Чикагодан “Ватандош” учун.

SHARE